Инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилади
2024 йил 15 июль куни 2024 йил 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифининг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтилди.
Ташриф доирасида Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда вилоятни саноат ҳудудига айлантириш, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, санъат, маданият соҳаларини янада ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Фракция аъзолари давлат раҳбари томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда янада фаоллик кўрсатишлари мақсадга мувофиқлигини қайд этиб, бу бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.
Йиғилишда, шунингдек, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан бири — махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолият юритиш истагини билдирган инвесторларга қўшимча қулайликларни яратиш, уларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнларини автоматлаштирилиши саналади.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, махсус иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашлари тугатилиб, уларнинг вазифалари махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ҳамда ягона дирекцияларга юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, депутат Ботир Мардаев лойиҳанинг заруратига тўхталиб, мазкур ҳужжат махсус иқтисодий зоналарнинг бўш турган ерларидан самарали фойдаланишга хизмат қилишини таъкидлади.
Йиғилишда қонун лойиҳасининг махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада соддалаштириш, инвестициялар жалб қилиш учун шароитларни яхшилаш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишда муҳим аҳамиятга эгалиги инобатга олинган ҳолда фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.