Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Элонлар

Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича амалий ташаббуслар

10.09.2025 973
Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича амалий ташаббуслар

Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Хитойда бўлиб ўтган кўп томонлама тадбирларда биз учун долзарб аҳамият касб этувчи халқаро транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, минтақани глобал йўлаклар билан ишончли боғлашни таъминлайдиган самарали транспорт йўналишларини яратиш Марказий Осиё учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканлиги урғуланди.

Бу борада “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши ва келажакда уни Трансафғон йўлаги билан боғланиши ШҲТ доирасида ягона транспорт тармоғини шакллантиришга хизмат қилиши, Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон – бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мослаштириш учун катта имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган музокаралари якунида ушбу йўналишда катта амалий аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ўзаро боғлаш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди.

Дарҳақиқат, минтақамиз катта иқтисодий бозорларни бир-бири билан самарали боғлаш учун стратегик жойлашувга эга ҳудуд бўлсада, мавжуд транспорт инфратузилмасининг ривожланиш даражаси Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини чеклаб турган омилдир. Биргина мисол, ҳар йили Хитойдан Европа Иттифоқига бир неча миллион контейнерларда кўп миллиардли товарлар етказиб берилади. Инфратузилманинг ривожланмагани сабабли Транскаспий йўлакдан мана шу контейнерларнинг йилига ўртача 21 минг донаси ўтади, холос. Агар қуруқлик орқали юкларни ташишга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳисобга олсак, бу ҳолат бизни қониқтирмаслиги аниқ.

Ҳудди шунингдек, Марказий Осиё билан қўшни бўлган давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмининг ўсиб бориши минтақа давлатлари учун транзит имкониятидан фойдаланиш учун шароит яратиб бермокда. Масалан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларининг Жанубий Осиё билан (ўтган йилги кўрсаткич 70 миллиард доллар атрофида бўлган), Хитойнинг араб давлатлари билан кўп миллиардли савдо муносабатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Демак, минтақамизнинг транспорт-логистика инфатузилмасини ривожлантириш ва қўшни минтақалар билан боғлаш учун транзит ўтказиш имкониятларини янада кенгайтириш иқтисодиётимизни ривожлантириш, уни сифат жиҳатидан ўзгартиришни амалга оширишимизнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида, ҳам унга аъзо бўлган давлатлар билан икки томонлама ҳамкорлик муносабатларида ва умуман турли халқаро платформаларда Марказий Осиёнинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, уларни халқаро транзит йўлакларига айлантириш бўйича амалий йўналтирилган ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Уларнинг самарали амалга оширилиши бизнинг иқтисодий ривожланишимизнинг асосий омилларидан биридир.

 Умид ЯКУБХЎЖАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?