Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Элонлар

Низоларни ҳал этишда медиация институти ривожлантирилади

17.02.2025 88
Низоларни ҳал этишда медиация институти ривожлантирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракция йиғилишида дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 14 февраль куни ёшлар билан видеоселектор шаклида ўтган учрашувининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ёшларга доир давлат сиёсати асосида ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлаш, билим ва касб-ҳунар эгаллаши ҳамда улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар бутунлай янги босқичга чиқди.

Фракция аъзолари ушбу мулоқотнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, учрашувда белгилаб берилган устувор вазифалар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини қайд этдилар.

Ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга кўмаклашиш йўналишларида тизимли иш олиб бориш, ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш партия сайловолди дастуридан ўрин олган. 

Мунозаралар давомида фракция аъзолари мулоқотда Президентимиз ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича белгилаб берган вазифалар, жумладан, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилганлигини алоҳида қўллаб-қувватладилар.

Депутатлар давлатимиз раҳбарининг билдирган таклиф-ташаббуслари партиянинг ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, ёшлар тадбиркорлигини молиялаштиришга кўмаклашиш ҳамда ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш каби вазифалари ижроси учун муҳимлигини қайд этдилар.

Фракция йиғилишида низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Ушбу лойиҳани ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад — низоларни судгача ҳал қилиш механизмларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлаш, медиация соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали судларда иш юкламасини камайтиришга эришишдан иборат.

Қонун лойиҳаси билан медиация қўлланиладиган соҳалар доираси кенгайтирилмоқда. Нотариусларга “Медиация тўғрисида”ги Қонунда белгиланган барча турдаги соҳалар бўйича медиатор вазифасини амалга ошириш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, медиаторларнинг ҳар уч йилда малакасини ошириш зарурати белгиланмоқда. Медиатив келишувни мажбурий ижро этишга оид қоидалар киритилмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим нормалар юзасидан партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб қонун ташаббускорларига бир қатор саволлар беришди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, судлардаги иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?