Ўқитувчилар фарзандларига шартнома пулидан 30 фоиз чегирма берилади
Куни-кеча давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди. Мулоқот давомида ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини қадрлашга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади. Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.
Шунингдек, келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуслар таълим сифатини оширишга, педагоглар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва моддий манфаатдорлигини кучайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, мазкур ташаббуслар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган мақсад вазифалар ижроси учун ҳам ғоят муҳимдир. Зотан, партиямиз кейинги беш йилликда ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш тарафдори. Мулоқотда илгари сурилган ташаббуслар ана мақсад рўёбига хизмат қилади.