“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш иқтисодий ўсиш ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдириб, ҳозирги кунда у кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётганини қайд этди. Мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, яқин келажакда амалга оширилажак ислоҳотларнинг туб мақсадларини қамраган устувор йўналишлар ўрин эгаллагани таъкидланди.
Партия ва унинг парламентдаги фракцияси аъзолари Стратегия лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклифлари, тавсияларини бериш билан бирга, бу жараёнга фаол иштирок этиши, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, аниқ таклифлар бериши лозимлиги урғуланди.
Шундан сўнг, фракция аъзолари “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Ушбу қонун лойиҳаси қўриқлаш фаолияти доирасини кенгайтиришни, хусусан жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, кўнгилочар ва қурилиш объектларини қўриқлашни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий асосларни белгилашни, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг ушбу соҳадаги ваколатларини аниқлаштиришни назарда тутади.
Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси мансабдор шахсларига тегишли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ваколатлари Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти мансабдор шахсларига ўтказилмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзоси Диёр Хусанов қонун лойиҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шу билан бирга, лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар берди.
Қонун ташаббускорлари мазкур масала юзасидан тушунтиришлар берар экан, лойиҳада назарда тутилаётган нормалар қўриқлаш фаолияти соҳасидаги қонунчилик базасини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Йиғилишда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.