Тарихий натижалар ва янги халқчил ташаббуслар
Наманган шаҳрида 17 сентябрь куни “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми бошланди. Анжуманнинг очилишида Президентимиз иштирок этиб, нутқ сўзлади. Ушбу тадбирда мен ҳам қатнашдим.
Давлатимиз раҳбари дунёда кузатилаётган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик, иқлим ўзгаришлари таъсирида глобал иқтисодий ўсиш секинлашгани, оқибатда камбағал аҳоли сони ошганига эътибор қаратди. Аммо шундай мураккаб даврда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, 2024 йилда бу кўрсаткич 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача камбағаллик даражасини 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.
Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсди. Жорий йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши кутилмоқда. Янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди.
Аввало, манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди. Пандемия даврида бепул дори-дармон, ижтимоий нафақалар учун жами 8 миллиард долларлик маблағ ва имтиёзлар берилди. Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ажратиб берилди. Бу 800 минг инсоннинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ислоҳотларни келгуси йилларда ҳам изчил давом эттириш борасида янги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Камбағалликни қисқартириш бўйича ташаббуслар доирасида аввало камбағал оила фарзандларини мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганиш харажатларининг катта қисмини қоплаш кўзда тутилмоқда. Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил қилиниб, уларнинг битирувчиларига хорижда эътироф этиладиган сертификатлар берилади. Хотин-қизлар учун фоизсиз кредит, магистратурада бепул таълим, “Рақамли авлод қизлари” дастури орқали IT соҳасига 50 минг қиз жалб этилиши белгиланган.
Шу билан бирга, камбағал оилаларни тиббий хизматлар билан қамраб олиш, бепул дори ва кафолатланган хизматлар пакетини тақдим этиш йўлга қўйилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва “Инсон” марказлари орқали аҳолига юздан ортиқ хизмат кўрсатилади. Минтақаларда инфратузилмани яхшилаш учун миллиардлаб долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йўл, сув ва боғча қурилиши, иш ўринлари яратилишига эътибор қаратилади.
Бир сўз билан айтганда, охирги саккиз йилда мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва бу келгуси йилларда ҳам изчил давом эттирилади. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратмоқда. Бу эса одамларимизнинг давлатдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Актам ХАИТОВ,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси