Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Элонлар

Ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлиги янги босқичга кўтарилди

19.07.2024 840
Ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлиги янги босқичга кўтарилди

Дўстлик —қудратли куч. Унинг моҳиятини бир-бирига дўст ва қардош ҳисоблаган қирғиз ва ўзбек халқлари жуда яхши англашади. Чунки, бу икки халқ  бундай қадрдон ришталарни азалдан боғлаган бўлиб, бугунги кунда унинг бардавом экани Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида яна бир бор намоён бўлди.

Бинобарин, тили, дини, қарашлари, урф-одатлари ҳамда куй-қўшиғию, либосларигача бир-бирига ўхшаш икки халқ ён қўшни бўлиб, муаммоларни биргаликда ҳал этишга келишиб олишмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифи билан юртимизга келган Қирғиз Президенти Садир Жапаров узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш учун яхши замин яратилганини алоҳида таъкидлади. Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланиши икки томонлама муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқишга шак-шубҳа йўқ.


Энг қувонарли жиҳати шундаки, товар айирбошлаш ҳажми яқин йилларда 2 миллиард долларга етказилади. Бу дегани биз ўзимиздагини қирғиз биродарларимизга илинсак, улар бизда йўқ маҳсулотларни бизга тортиқ этади. Бу ҳамкорлик яқин қўшничиликнинг энг улуғ фазилатидир. Яна бир масалага эътибор қаратиган бўлсак, стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳалар, жумладан, "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.

Буям икки давлат халқлари учун жуда муҳим масала бўлиб, битимнинг имзоланишидан иккала томон ҳам тенг манфаатдор.Маълумки, Ўзбекистон ҳам Қирғизистон ҳам бир қатор халқаро ва минтақавий тузилмаларга аъзо. Жумладан, учрашувда БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва бошқа кўп томонлама майдонлар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттирилиши айтилди. Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, энг аввало, импорт ўрнини босиш дастурлари ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.


Саноат кооперацияси доирасидаги жорий лойиҳалар портфели 300 миллион долларга етгани таъкидланди. Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа тармоқларда савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг янги тўплами қабул қилинди. Бундай лойиҳаларни илгари суриш учун Ўзбекистон-Қирғизистон жамғармасининг устав капитали 200 миллион долларгача оширилади.

“Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа тўғрисидаги уч томонлама битим имзолангани бу борада тарихий воқеа бўлди. Маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.Буларнинг ҳаммаси биз учун жуда қувончли воқеа.

Чунки биз қўшни давлатлар билан қанчалик иноқ бўлсак, бир-биримиздан ёрдамимизни аямасак, яхши ва ташвишли кунларда унутмасак, албатта, бундай ҳамкорлик ўзининг ижобий самараларини беради. Қирғизистон ва Ўзбекистон етакчиларининг олий даражадаги учрашуви ҳам икки халқ истиқболи ва тараққиёти йўлида ташланган муҳим қадам бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Сайтни янги дизайни ёқдими?