Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Элонлар

Ер участкаларидан фойдаланиш тартибига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

11.12.2024 72
Ер участкаларидан фойдаланиш тартибига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

2024 йил 12 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ер участкаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Мазкур қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 декабрдаги Фармони ижросини таъминлаш ва ер участкаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. У билан айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Ер кодекси алоҳида боб билан тўлдирилиб, унда ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш тизимини жорий этиш, уларни белгилаш ва ўзгартириш тартиблари акс этяпти. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса фуқаролар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга турар жойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаганлик учун жарималарни енгиллаштиришни назарда тутувчи қўшимча норма киритилмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Хусусан, ЎзЛиДеП сайловолди дастурида кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратиш устувор вазифа сифатида белгилангани қайд этилиб, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар ушбу мақсадларга уйғун ва ҳамоҳанг экани таъкидланди.

Муҳокамаларда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Хусусан, депутат Сайдулло Азимов қонун лойиҳасининг 682-моддаси бўйича аниқлаштирувчи саволларни кўтарган бўлса, депутат Шаҳноза Холмахаматова бугунги кунда ер участкаларидан фойдаланиш бўйича юзага келаётган айрим муаммоларнинг ечими юзасидан мазкур қонун лойиҳасида қандай янги нормалар киритилаётгани билан қизиқди.

Қонун ташаббускорлари кўтарилган масалалар юзасидан атрофлича тушунтириш бериб ўтдилар.

Йиғилишда депутатлар томонидан кўтарилган барча таклифлар масъул қўмита ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан чуқур таҳлил қилиниши ва қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида эътиборга олиниши таъкидланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?