Asosiy kontentga o‘tish
Жума 13-ноябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

“Ишбилармон аёл–2026” : маҳаллалардан республика миқёсигача минглаб тадбиркор аёллар кашф этилди

13.11.2026
22

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида партиянинг «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида ўтказиб келинаётган «Ишбилармон аёл - 2026» кўрик-танловининг якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда партия раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи молиявий институтлар мутасаддилари ҳамда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган ишбилармон хотин-қизлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, қарийб 11 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ишбилармон аёл» кўрик-танлови бугун мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётган йирик лойиҳалардан бирига айланди. Танлов йиллар давомида юз минглаб хотин-қизларни қамраб олиб, улар орасидан янги ишбилармон аёлларни кашф этиш, муваффақиятли тадбиркорлик тажрибаларини оммалаштириш ва аёлларнинг жамиятдаги иқтисодий ўрнини мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб келмоқда.

Айниқса, 2026 йилги танлов «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида янада кенг қамровда ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди. Дастлабки саралаш босқичлари мамлакат бўйлаб 8 982 та маҳаллада ўтказилиб, унда 50 минг нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этди. Натижада 45 минг нафардан зиёд тадбиркор ва ишбилармон аёллар аниқланди. Кейинги босқичлар 208 та туман ва шаҳарда ҳамда 14 та ҳудудда ташкил этилди.

Эътиборлиси, танлов фақат йирик шаҳарлар ёки марказларда эмас, балки энг чекка маҳаллаларгача кириб борди. Бу орқали ўз ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланаётган, оилавий бизнесни йўлга қўйган, янги иш ўринлари яратаётган минглаб хотин-қизлар кашф этилди. Уларнинг тажрибасини оммалаштириш, муваффақиятларини эътироф этиш ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида 2026 йилги танловнинг натижалари сарҳисоб қилиниб, унинг маҳаллаларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти муҳокама қилинди. Шунингдек, аёллар бизнесини молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, фермерлик ва агробизнесда хотин-қизлар фаоллигини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда сўзга чиққан мутасаддилар хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа эканини таъкидлаб, бу борада қонунчиликдаги имкониятлар, имтиёзли молиявий ресурслар, маҳалла тизими ва ижтимоий ҳамкорликнинг ўрнига тўхталдилар. Ҳудудлардан иштирок этган тадбиркор аёллар эса ўз тажрибалари, эришган натижалари ва келгусидаги режалари билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, партия ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан «Халқ билан бирга» умуммиллий дастурида фаол иштирок этиб, тадбиркорлик ва жамоатчилик ишларида алоҳида намуна кўрсатган 26 нафар хотин-қиз «Фидойи тадбиркор» фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. «Ишбилармон аёл–2026» кўрик-танловини юқори савияда ташкил этишда фаоллик кўрсатган 14 нафар партия фаолига ҳам ташаккурномалар топширилди.

Давра суҳбати якунида маҳаллаларда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, уларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий таклифлар муҳокама қилинди.

Зеро, «Ишбилармон аёл» — бу шунчаки кўрик-танлов эмас, балки ҳар бир маҳалладаги тадбиркор аёлни кашф этиш, унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари ва оилалар фаровонлигига ҳисса қўшишга хизмат қилаётган муҳим ташаббусдир.

 

Сайтни янги дизайни ёқдими?