11 та тармоқда фаолият олиб бораётган карманалик тадбиркор Навоийнинг ишбилармон аёли бўлди
Навоий шаҳридаги “Алишер Навоий” боғида “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг республика-ҳудудий босқичи ўтказилди. Унда ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хаитов иштирок этди.
Анъанавий тарзда ташкил қилинадиган мазкур танловда вилоятнинг 11 та шаҳар ва туманларидан фаол тадбиркор аёллар иштирок этди. Улар фаолияти билим даражаси, ишлаб чиқариш йўналиши, аҳоли бандлигига қўшаётган ҳиссаси ва партия ўқув-семинарларида иштирок этгани асосида баҳоланди.
Кармана туманидан иштирок этган “Кармана Само-юлдузлари”, “Навоий Сумайя” МЧЖ ва “Даврбек-Даврон келажаги” хусусий корхоналари таъсисчиси Шохиста Ҳикматова 1-ўринни қўлга киритди.
— “Фаолиятимни 1995 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида бошлаб, бугунга келиб 3 та корхонам, 2 та меҳмонхона, 3 та супермаркет ва 3 та овқатланиш шахобчам орқали 120 нафардан ортиқ иш ўрни яратдим. Яна 4 юлдузли меҳмонхона қуриш орқали 70 га яқин янги иш ўрни яратилади. Танловда тадбиркор аёллар билан ҳамкорлик шартномалари туздим. Биринчи ўрин мен учун катта масъулият”, — дейди ғолиб.
Танловда оилавий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик соҳасида фаолият юритаётган бир қатор аёллар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирландилар.