O'zLiDeP ташаббуси билан маҳаллаларда ишбилармон аёллар эътироф этилмоқда
Қарши тумани Алишеp Навоий маҳалласида бўлиб ўтган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” кўрик-танлови маҳалладаги фаол ва ташаббускор хотин-қизларни бирлаштирган муҳим лойиҳага айланди. O'zLiDeP Қашқадарё вилояти “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худоярова иштирок этиб, аёллар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидлади. Танлов иштирокчилари ўз меҳнати, изланиши ва ижтимоий фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётганини намоён этдилар.
Айниқса, Лобар Рўзимуродованинг ютуқлари алоҳида эътироф этилди. У 2019 йилда 4 сотих ер майдонида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиб, замонавий ускуналар асосида иш бошлади. Бугунги кунда у “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаб, тикувчилик сирларини ўргатиб келмоқда. Ҳозирда 15 нафар аёл доимий иш ўрнига эга бўлиб, ўз оиласи фаровонлигига ҳисса қўшмоқда.
Танлов якунида Лобар Рўзимуродова “Маҳалланинг ишбилармон аёли” деб топилиши унинг меҳнати ва ижтимоий масъулиятига берилган муносиб баҳодир. Лойиҳа иштирокчилари эса ўз ютуқлари, қатъияти ва ташаббускорлиги билан маҳаллада аёллар иқтисодий фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшмоқда. Бундай ташаббуслар нафақат иштирокчилар, балки бутун маҳалла ҳаётида янги имкониятлар ва илҳом манбаига айланмоқда.