500 та иш ўрни яратган Ҳилола Юлдашева пойтахтнинг ишбилармон аёл соҳибаси бўлди
Тошкент шаҳрида “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг Республика–ҳудудий босқичи ўтказилди.
Мазкур танловда туман босқичларида ғолиб бўлган 35 нафардан ортиқ ишбилармон аёл ўз фаолият йўналишларини намойиш этди. Уларда миллий кийим дизайни билан шуғулланувчи бренд эгалари, хусусий боғча ва мактаб муассислари, ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида муваффақиятга эришган хотин-қизлар иштирок этди.
Танлов жараёнида иштирокчилар ўзининг инновацион ёндашуви, яратган маҳсулоти сифати ва жамиятга қўшган ҳиссаси билан ажралиб турди.
Фахрли 1-ўринни Мирзо Улуғбек туманидаги “Монтасерро” хусусий мактабгача таълим муассасаси таъсисчиси Ҳилола Юлдашева қўлга киритди.
— Бу мен учун жуда катта шараф ва масъулият, — дейди Ҳилола Юлдашева. — Мен 500 нафардан ортиқ ишчи ўрин яратганман. Жамиятда оз бўлсада ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман. Хусусий таълим муассасамизда меҳнат қилаётган юзлаб хотин-қизлар нафақат ўз оиласи даромадини таъминламоқда, балки жамиятимизда аёллар бандлигини оширишга ҳам ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, келажак авлодимизнинг билим олиш сифати учун хорижий тажрибани миллий қадриятларимиз билан уйғунлаштирган ҳолда дарс жараёнларида қўллаяпмиз.
2-ўринни Шайхонтоҳур туманидан “Azukar Morena” бренди асосчиси Камола Рустамова, 3-ўринни эса “Asia Kandi” МЧЖ таъсисчиси Дилноза Хасанова қўлга киритди.
Шунингдек, танловда иштирок этган хотин-қизлар турли номинациялар ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.