Қашқадарёлик тадбиркорларнинг таклифлари асосида қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқилади
Жорий йил сентябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигида фракция аъзолари ва маҳаллий кенгаш депутатлар Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида жами 34 та учрашув ўтказишди. Тадбиркорлар, фермерлар ва аҳоли вакиллари билан бўлган мулоқотда иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Ўрганишлар давомида тадбиркорлар ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишда тўсиқлар бўлаётганини таъкидлашди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилиш муддати кечикса, имтиёзли ер солиғини икки баравар ундириш тартиби тадбиркорларнинг молиявий юкини ошираётгани қайд этилди. Ушбу талабларни қайта кўриб чиқиш, солиқ тизимини айланма маблағ ва аниқ кечиктириш муддати асосида белгилаш таклиф этилди.
Бундан ташқари, мулоқотда маъмурий жавобгарлик кодексидаги ветеринария инспекторлари ваколати бўйича қарама-қаршиликлар борлиги ҳам қайд этилди. Фракция аъзолари ва депутатлар бу масалада жарима миқдорларини ягона меъёрга келтириш зарурлигини билдиришди. Шунингдек, фермер хўжаликларига тегишли ер шартномаларини бекор қилишда туман ҳокимликлари ва Кенгашлар ўртасидаги ваколатларни аниқ белгилаш лозимлиги таъкидланди.
ЎзЛиДеП фракцияси Қашқадарёда аниқланган ушбу таклиф ва муаммоларни умумлаштириб, улар асосида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қонунчилик ташаббуси билан чиқишни маълум қилди. Партиянинг бундай ёндашуви жойларда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
 
                                 
                                 
                                 
                                     
                                                            
                                                         
                                                            
                                                         
                                                                                                         
                                                                                                         
                                                                                                         
                                                                                                        