Asosiy kontentga o‘tish
Жума 25-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ҳаётдан рози бўлиб яшаш сурури

25.09.2026
20

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти ва одамларни ўйлантираётган масалалар билан яқиндан танишиш, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб бериш мақсадида вилоятларга ташриф буюриши яхши анъанага айланди. Ҳар бир ташриф ҳудуд тараққиётига янги суръат бағишлаб, йирик лойиҳалар, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига кенг йўл очмоқда.

Президентимизнинг Андижон вилоятига навбатдаги ташрифи ҳам ана шундай кўтаринки руҳда ўтди. Узоқ кутилган ташриф андижонликларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб, уларни янги марралар сари руҳлантирди. Зеро, давлатимиз раҳбари қаерга бормасин, ким билан мулоқот қилмасин, аввало, инсон манфаати, одамларнинг дарду ташвиши, орзу-интилишларига алоҳида эътибор қаратди. Самимий мулоқотларда халқимизга бўлган юксак меҳр ва эътибор яққол намоён бўлди.

Мамлакатимиз раҳбарининг жойлардаги учрашувлари, аҳоли билан самимий мулоқотлари, янги лойиҳалар тақдимотида билдирган фикр ва ташаббусларини водий аҳли катта қизиқиш билан кузатди. Мен ҳам Андижон фарзанди сифатида мазкур тадбирларда бевосита иштирок этиб, бу тарихий жараёнларга гувоҳ бўлганимдан мамнунман. Айниқса, одамлар кайфиятидаги кўтаринкилик, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи, янги ташаббус ва лойиҳаларга билдирилаётган қизиқиш бугун Андижонда кечаётган янгиланишлар халқ ҳаёти ва тафаккурида ҳам чуқур акс этаётганини яққол кўрсатиб берди.

Вилоятда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларга назар ташлар экансиз, қисқа давр мобайнида амалга оширилган ишлар кўламини ҳис қиласиз. Президентимиз раҳбарлигида бошланган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида нафақат иқтисодиёт ва инфратузилма, балки одамларнинг дунёқараши, турмуш тарзи ва эртанги кунга ишончи ҳам ўзгармоқда.

Йиллар давомида аҳолини қийнаб келган кўплаб масалаларга ечим топилди. Янгидан-янги корхоналар ташкил этилди, иш ўринлари кўпайди, тадбиркорлик учун имкониятлар кенгайди, маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди.

Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 90 триллион сўм йўналтирилгани, биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида 6 триллион сўм ажратилгани бу борадаги ишлар кўламини яққол кўрсатади. Ушбу маблағлар янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда

Фаол ислоҳотлар самараси вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларида яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудуд иқтисодиёти 8,8 фоизга, саноат 9,2 фоизга, хизматлар соҳаси 16,1 фоизга, инвестициялар ҳажми эса 8,9 фоизга ўсди. Бу рақамлар ортида, энг аввало, янги корхоналар, янги иш ўринлари, янги даромад манбалари ва одамларнинг ҳаёт сифатидаги ижобий ўзгаришлар турибди.

Бугун қайси соҳага назар ташламанг, янгиланиш ва бунёдкорлик кўзга ташланади. Янги корхоналар, замонавий инфратузилма объектлари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўзгаришлар ва ободончилик ишлари нафақат андижонликлар, балки вилоятга келаётган меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирмоқда.

Андижон халқаро аэропортида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар бунинг ёрқин намунасидир. Бир пайтлар имкониятлари нисбатан чекланган ҳаво дарвозаси бугун замонавий инфратузилмага эга йирик транспорт масканига айланмоқда.

Аэродром мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 1,1 триллион сўмни ташкил этиб, биринчи босқичда аэропорт инфратузилмаси тубдан янгиланди. Учиш-қўниш йўлаги 3,3 километргача узайтирилиб, кенглиги 60 метр бўлган янги 4E тоифали йўлак барпо этилди. Бу эса йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятини сезиларли даражада оширади.

Президентимизнинг вилоятга ташрифини айнан ушбу йирик объектда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлагани бежиз эмас. Бугун замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли ва меҳмонлар учун муносиб ҳамда қулай шароит яратиш муҳим йўналишлардан бирига айланган. Бундай лойиҳалар ҳудуднинг нафақат транспорт, балки иқтисодий, сайёҳлик ва инвестициявий салоҳиятини ҳам юксалтиради.

Давлатимиз раҳбари томонидан замонавий терминал биносини белгиланган муддатда ва сифатли қуриб битказиш бўйича берилган вазифалар йўловчиларга жаҳон стандартлари даражасида хизмат кўрсатиш имкониятини кенгайтиради. Ўз навбатида, вилоятнинг транспорт-логистика имкониятларини янада ривожлантиришга янги туртки беради. Бу аҳоли ва меҳмонлар учун қўшимча қулайликлар ҳам яратиб, Андижоннинг иқтисодий ва сайёҳлик жозибадорлигини янада оширади.

Сўнгги йилларда вилоятда тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти ҳам жадал ривожланмоқда. Бизнес учун яратилаётган қулай муҳит саноат тармоқларини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўляпти.

Ташриф доирасида Президентимизнинг янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этгани ҳам ҳудуд иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлди. Умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та инвестиция лойиҳасига старт берилгани мамлакатимиздаги кенг кўламли иқтисодий янгиланишларнинг Андижондаги амалий ифодасидир. Бу шунчаки рақамлар эмас. Уларнинг ортида янги корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илғор технологиялар, минглаб иш ўринлари ва, энг муҳими, одамлар даромадини оширишга қаратилган улкан имкониятлар мужассам.

Зеро, мазкур лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилиб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бугун вилоятда балиқчилик тармоғини изчил ривожлантириш, соҳага замонавий технологиялар ва илғор ишлаб чиқариш усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Балиқчи туманида фаолият юритаётган “Chinobod real biznes” корхонасининг балиқ етиштириш лойиҳаси ана шундай истиқболли ташаббуслардан биридир.

Умумий қиймати 30 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида кўплаб иш ўрни яратилган. Икки гектар майдонда ташкил этилган замонавий мажмуада йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 50 миллиард сўмни ташкил этади.

Эътиборлиси, мажмуада интенсив технологиялардан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Икки гектар майдонда анъанавий усулдаги 100 гектарлик ҳавзаларда етиштириладиган ҳажмга тенг маҳсулот олиш имкони яратилгани ер ва сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш баробарида, ишлаб чиқариш самарадорлигини ҳам оширмоқда.

Корхонада етиштирилаётган форель чавоқлари нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам ўз харидорини топган. Масалан, маҳсулотлар Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Асосийси, мазкур лойиҳа ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлашга ҳам хизмат қилаётир.

Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилиш эса ҳудуддаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, энг муҳими, одамлар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда йирик комплексларни кўпайтириш бўйича белгилаб берилган вазифалар аввало, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва нархлар барқарорлигини сақлашга имкон беради.

Масалан, Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган 5 минг гектар майдон камида 10 минг бош қорамол боқиш мумкин. Дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш орқали ҳам чорвачиликни кенгайтирса бўлади. Йил якунигача шундай майдонларнинг камида 200 гектарида чорва боқиш учун шароит яратилиши, Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳаларини ишлаб чиқилиши чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратиб, соҳанинг барқарор ривожига янги суръат беради. Қорамол бош сонининг кўпайиши эса гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, ички бозор таъминотини яхшилашга хизмат қилади.

Балиқчида ишга туширилган 20 миллион долларлик товуқ гўшти комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда 3 та шундай комплекс лойиҳасининг иш бошлаши ички бозорни сифатли товуқ гўшти билан барқарор таъминлаш ва маҳсулот ҳажмини ошириш баробарида, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаб, ҳудудларда замонавий ва самарали ишлаб чиқариш тизимини кенгайтиришга замин яратади.

Улуғнордаги 1 минг 200 гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилиши соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Бу ташаббус замонавий усуллар асосида балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун барқарор даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Ўзим ҳам Андижонликман. Ҳар ойнинг охирги ҳафтасида халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимиз ҳудудларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказамиз. Очиғи, ҳар гал бирор ўзгариш ёки янгиланишнинг гувоҳи бўламиз. Оддий мисол, яқин-яқинчага ёшлар иш излаб хорижга кетаётган бўлса, бугун улар оиласи бағрида яшаб, ўз маҳалласида меҳнат қилмоқда, даромад топмоқда. Ўзингиз айтинг, бундан ортиқ бахт борми яна!?

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи том маънода Андижон тарихида янги даврни бошлаб беради. Шубҳасиз, ушбу ташрифдан сўнг юзлаб лойиҳалар амалга оширилади, минглаб янги иш ўринлари яратилиб, асосийси, халқимиз фаровонлиги янада юксалади. Биз депутатлар белгилаб берилган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлашда янада фаол ва ташаббускор бўламиз.

 Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?