Айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар берилди
2025 йил 28 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифи ҳақида сўз юритилди.
Фракция аъзолари ташриф давомида Президентимиз томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этган ҳолда, бу борада партия ва унинг фракцияси олдида турган устувор вазифаларни белгилаб олдилар.
Йиғилишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги сабабли, амалдаги 9 та кодекс ва 71 та қонунлар қайта кўриб чиқилиб, уларда назарда тутилган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифа ва функциялари “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида қайта тақсимланмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларга ҳокимликларнинг 28 та ваколатлари ҳамда қонун ҳужжатларида маҳаллий давлат хокимияти органларига умумий берилган ваколатларнинг аниқлаштирилиши натижасида яна қўшимча 33 та ваколат, жами 61 та ваколатлар ўтказилмоқда.
Хусусан, маҳаллий вакиллик органларига жойларда ривожланишнинг асосий йўналишларини белгилаш, комплекс дастурларни тасдиқлаш, қонунийликни таъминлаш борасидаги кенг ваколатлар юклатилмоқда.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига эса қабул қилинган қонун ҳужжатлари, дастурлар ижросини таъминлаш, ижро билан боғлиқ бошқа вазифа ва функциялар белгиланмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасидаги айрим нормалар юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлади. Қонун ташаббускорлари томонидан берилган тушунтиришдан сўнг, ушбу ҳужжат қўллаб-қувватланди.