Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарёда саноат корхоналари фаолиятини ўрганди

20.12.2025
712

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятида тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари фаолияти ўрганилди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш жараёнларида мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Ишчи гуруҳ Қарши шаҳридаги «Буюк Турон» кичик саноат зонасида жойлашган “Алп Техно Сервис” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Электротехника соҳасидаги йирик саноат лойиҳаларидан бири саналган ушбу корхона телевизор ва мониторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати биринчи босқичда йиллик 120 минг донагача маҳсулотни ташкил этади. Корхона маҳсулотлари JVC, TCL, Zimmer, Hofmann каби халқаро брендлар талабларига тўлиқ жавоб берган ҳолда экспортга йўналтирилмоқда.

Корхонада “SMART” бренди остида ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, келгусида йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг донагача ошириш режалаштирилган. Илгари экспорт қилинган маҳсулотлар қиймати 3 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, яқин истиқболда бу кўрсаткични 6 миллион доллардан ошириш мақсад қилинган. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизи ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.

Ўрганишлар давомида корхонада ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига сунъий интеллект технологиялари кенг жорий этилгани ижобий тажриба сифатида қайд этилди. Шу билан бирга, халқаро бозорда, айниқса Хитой компаниялари билан рақобатнинг кучайиб бораётгани, маҳсулот таннархини пасайтириш, сифатни янада ошириш ва инновацион ечимларни татбиқ этишда муайян қийинчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан корхоналар рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда инновацион ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Партия раҳбари Актам Хаитов мазкур масалаларни қонунчилик нуқтаи назаридан чуқур ўрганиш, ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча рағбатлантириш механизмларини жорий этиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини таъкидлади.

Умуман олганда, Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қонунчиликни амалиёт талабларига мос равишда такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Ишчи гуруҳ томонидан йиғилган таклиф ва муаммолар асосида тегишли қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилиши режалаштирилган.

Сайтни янги дизайни ёқдими?