Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Актам Хаитов: фермерлар билан даланинг ўзида маҳорат дарслари ташкил этилади

24.10.2025
746

Бу йил Жиззах вилоятида аграр соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсата бошлади. Вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликларида мўл ҳосил етиштирилди, айримларида эса ҳосилдорлик гектарига 90 центнерга етди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг илғор фермерлар билан учрашувлари, бевосита пахта далаларида ўтказган мулоқотларида ислоҳотлар натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, соҳани янада ривожлантириш бўйича қатор таклифлар ҳам илгари сурилди.

Мулоқотлардаги асосий мақсад — жорий этилаётган янгиликлар бардавомлигини таъминлаш, илғор иш усулларини оммалаштириш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этишдан иборат.

Бу йил вилоят далаларида илк бор Хитойнинг Шинжон технологияси асосида пахта экиш амалиёти қўлланилди. Унга кўра, чигит плёнка остига, қўшқатор усулида, очиқ майдонларда эса янгича 76 схема бўйича қадалди ва интенсив усулда парвариш қилинди.

— Очиғини айтганда, бошида янгиликдан чўчигандик, аммо ҳозир бу усулнинг самарасини кўриб, хурсандмиз, — дейди Шароф Рашидов туманидаги “Шавкат” фермер хўжалиги раҳбари Собир Бўриев. — Энди янгича усулда етиштирилган пахтани кўриш ва маслаҳат олиш учун бошқа фермерлар ҳам бизга келмоқда.

Фермерлар Актам Хаитовга бу йил юксак натижага эришган хўжаликлар даласида “Маҳорат дарслари” ташкил этиш таклифини билдиришди. Бу орқали барча туманларда даланинг ўзида фермерларга чигит қадаш, томчилаб суғориш ва парвариш жараёнларини амалий ўргатиш йўлга қўйилади.

— Соҳани яхши биладиган мутахассислар маслаҳатига катта эҳтиёж сездик, — дейди Шароф Рашидов туманидаги “Қўрғонтепа” фермер хўжалиги раиси Абдунаби Абдураҳмонов. — Ҳозирги замон ўқиш ва ўрганишдан чарчамайдиган давр. Шу боис мутахассислар иштирокида ўқувлар ташкил этиш таклифимиз партия етакчиси томонидан қўллаб-қувватланганидан мамнунмиз.

— Уруғчиликда катта имконият бор. Бу йил 40 гектар майдонга янги нав қадаб, гектарига 90 центнердан ҳосил олдик. Энди уруғчиликни маҳаллий даражада ривожлантиришга эътибор қаратишни таклиф этдик, — дейди Зафаробод туманидаги “Фориш йўллари” фермер хўжалиги раҳбари Рустам Райимқулов.

Партия етакчиси билан бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқотлар чоғида жиззахлик фермерлар билдирган таклифлар умумлаштирилиб, уларни амалга ошириш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?