Asosiy kontentga o‘tish
Жума 25-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Андижон иқтисодиётининг янги ўсиш нуқталари

25.09.2026
27

Бугун Андижонда иқтисодий ривожланиш янги босқичга чиқмоқда. Аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд, ер ресурслари эса чекланган вилоят учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш жуда муҳим. Бу йўналишдаги ўзгаришлар иқтисодий кўрсаткичларда ҳам кўриниб турибди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиётида ижобий ўсиш кузатилди. Жумладан, ҳудуд иқтисодиёти 8,8 фоизга, саноат 9,2 фоизга, хизматлар соҳаси эса 16,1 фоизга ўсди. Инвестициялар ҳажмининг 8,9 фоизга кўпайиши янги корхоналар ва ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилаётгани, тадбиркорлик фаоллиги ошиб бораётганидан далолат беради.

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида ишга туширилган ва қурилиши бошланган 206 та инвестиция лойиҳасини ҳам вилоят иқтисодиётининг келгуси ўсиш нуқталари сифатида баҳолаш мумкин. Уларнинг умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлиб, 98 та лойиҳа 2,05 миллиард долларлик инвестиция билан ишга туширилган, яна 108 та лойиҳанинг 7,35 миллиард долларлик қисми бўйича қурилиш бошланган.

Энг муҳими, лойиҳалар биргина саноатга эмас, энергетика, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш, фармацевтика, логистика, туризм, таълим ва тиббиёт каби ўзаро боғлиқ тармоқларга йўналтирилган. Бу эса вилоят иқтисодиётини бир нечта йўналишга таяниб, барқарор ва диверсификацияланган тизим сифатида ривожлантириш имконини беради.

Лойиҳаларнинг иқтисодий аҳамиятини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 45 мингдан зиёд иш ўрни, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади. Бу Андижон учун оддий инвестиция ҳажмидан кўра кенгроқ имкониятни англатади: маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, янги технологик занжирларни шакллантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва меҳнат унумдорлигини ошириш учун янги иқтисодий база пайдо бўлади.

Электр автобуслари, қуёш панеллари, микрогидроэнергетика ускуналари, мебел ва чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ҳам вилоят саноатининг таркибий жиҳатдан янгиланаётганини кўрсатади.

Андижоннинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш фақат янги корхоналар сонини кўпайтириш билан ўлчанмайди. Ҳар бир инвестиция ҳар бир гектар ердан кўпроқ қиймат олиш, юқори даромадли иш ўрни яратиш ва тадбиркорлик учун янги имконият очиши керак.

206 та лойиҳа доирасида шаклланаётган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватлари вилоятнинг мавжуд саноат тажрибаси, тадбиркорлик салоҳияти ва инсон капитали билан уйғунлашса, иқтисодий ўсишнинг таъсири янада кенгаяди. Пировард натижада бу жараён янги иш ўринлари ва даромадлар орқали маҳаллалар ҳаётига кириб бориб, Андижоннинг иқтисодий ўсишини аҳоли фаровонлигига айлантиришга хизмат қилади.

Андижонга ташриф доирасида ўтказилган йиғилишда ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестицияларни кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Вилоятда иқтисодий ўсиш суръатларини янада ошириш, унинг самарасини аҳоли ҳаётида акс эттириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоизга ўсди. Бу даврда саноат тармоғида 9,2 фоиз, хизматлар соҳасида эса 16,1 фоизлик ўсиш қайд этилди. Ҳудудга жалб этилган инвестициялар ҳажми эса  8,9 фоизга кўпайди.

Ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, аввало, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. 2027 йилда иқтисодий ўсиш суръатларини камида 10 фоизга етказиш, 5 миллиард доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини эса 1,5 миллиард долларга чиқариш янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини оширишга туртки беради.

Тадбиркорликни ривожлантириш, лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бу борада кредит ажратишда фақат гаровга эмас, балки тадбиркорнинг пул оқими, шартномалари, буюртмалари ва товар айланмасига ҳам эътибор қаратиш, 500 миллион сўмгача бўлган кредитларни бизнес-режасиз ажратиш бўйича янги ёндашувлар белгилангани айни муддао бўлди. Мазкур чоралар тадбиркорлик фаоллигини ошириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифаларнинг самарали ижроси, энг аввало, маҳаллаларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

Фракциямиз аъзолари белгилаб берилган вазифаларнинг жойларда самарали амалга оширилиши, ажратилаётган ресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши ҳамда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа ва ташаббуснинг аҳоли манфаатларига йўналтирилишини таъминлаш мақсадида депутатлик ва жамоатчилик назорати механизмларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади.



Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

 O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?