Андижонда ишсизлик даражаси 1,6 фоизга камайди
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар бир маҳаллани обод қилиш, аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф-тавсиялар берилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий бюджетга 1 трлн 785,6 млрд сўм даромад туширилди. Шунингдек, Андижон, Асака, Қорасув ва Шаҳрихон шаҳарларининг урбанизация даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси, электр тармоқларининг қурилиши ва трансформаторлар ўрнатиш каби масалалар муҳокама этилди.
Йиғилишда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятда ишсизлик даражаси 5,4 фоизни ташкил этиб, 2024 йил бошига нисбатан 1,6 фоизга камайган. Шунингдек, ҳисобот давомида хорижий мамлакатларда юқори маош тўловчи ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлган иш берувчиларни аниқлаш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқароларни чет тилларига ва касбларга ўқитилди.
Бундан ташқари, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар билан доимий мулоқотларни ташкил этиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашилмоқда. Мигрантларнинг оила аъзоларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.
Йиғилиш якунида депутатлар мутасаддиларга мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдиришди.