O'zLiDeP андижонлик ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлади
Андижон вилоятида O‘zLiDeP томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Андижон давлат педагогика институтида ўтказилган ушбу учрашувда таъкидланганидек, мазкур дастур жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини бевосита ўрганиш ва уларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирда дастурнинг асосий йўналишлари тушунтирилиб, унинг халқ манфаатларига хизмат қилишига алоҳида урғу берилди.
Мутасаддилар ўз чиқишларида дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар — аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, “Юракка йўл”, “Ишбилармон аёл”, “Хавфсиз миграция”, “Фаровон ҳаёт сари” каби лойиҳалар орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишда аниқ механизмлар жорий этилаётгани қайд этилди. Бу эса дастурнинг амалий натижадорлигини янада оширишга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Тадбирда иштирок этган ёшлар учун “Халқ билан бирга” дастури кенг имкониятлар эшигини очиб бераётгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, ёшларнинг стартап ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ундаш мазкур дастурнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ёшлар партия сафига қабул қилиниб, улар ўз билим ва салоҳиятини мамлакат равнақи йўлида сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.