Якшанба 22-Июн 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Аҳолига қўшимча қулайликлар яратилади

17.06.2025
89

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида миграция жараёнларини бошқариш тизими такомиллаштириш, автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.

Депутатлар дастлаб “Миграция жараёнларини бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш орқали бошқарув самарадорлигини ошириш, миграцияси соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, миграция соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, ушбу соҳадаги хизмат кўрсатиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг масъулиятини кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг ваколатларини аниқлаштириш, хусусий бандлик агентликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган кўплаб таклифлар эътиборга олингани ва ҳужжат матнида акс этганлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар, қатор таклифлар берилди.

Хусусан, депутат Шухрат Шарафутдинов лойиҳа билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 99-моддасига киритилаётган ўзгартиришлар бўйича қонун ташаббускорларини саволга тутди. Мутасаддилар кўтарилган масала бўйича батафсил тушунтиришлар бериб ўтишди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, фракция аъзолари мазкур ҳужжат хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганини ҳисобга олиб, уни маъқулладилар.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

У билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “огоҳлантириш” жазо чорасини киритиш ва ижтимоий хавфлилиги кам бўлган йўл ҳаракати хавфсизилиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жазосини қўллашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари Эркин Зохидов, Нодир Жумаев ва Муқаддас Ахмедовалар лойиҳада назарда тутилаётган янгиликлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасидаги айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволлар берди. Қонун ташаббускорлари кўтарилган масалалар юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтишди.

Фракция аъзоси Руслан Собиров лойиҳанинг аҳамиятига тўхталар экан, ушбу ҳужжат автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, соҳада фуқароларни қийнаб келаётган айрим муаммоларнинг бартараф этилишига қаратилганини қайд этиб, уни қўллаб-қувватлаш лозимлигини билдирди.

Баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бўлган бошқа қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?