Асакалик имконияти чекланган ва эҳтиёжманд фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди
OʻzLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Асака туманида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
“Зомин” тантаналар саройида ўтказилган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ташкилотлари раҳбарлари, партия фаоллари ва 50 нафардан аҳоли вакиллари иштирок этди. Қабул давомида фуқароларнинг бандлик, тиббий ёрдам, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий кўмакка оид мурожаатлари кўриб чиқилди.
Сайёр қабул натижасида “Қорақий” МФЙда яшовчи Барчиной Жалиловага ногиронлик аравачаси, яна бир фуқарога эшитиш мосламаси, бел учун махсус карсет ва қўлтиқтаёқлар топширилди. Шунингдек, 6 нафар эҳтиёжманд фуқарога “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан озиқ-овқат ва кийим-кечак харид қилиш учун ваучерлар берилди.
Қабул жараёнида аксарият мурожаатлар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди, айрим масалалар бўйича эса ҳуқуқий тушунтириш ва амалий маслаҳатлар берилди. Бу каби сайёр қабуллар аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.