“Аёллар қаноти”нинг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди
O'zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоби ва жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўриб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий кенгашларга сайланган депутат аёллар, партиянинг ҳудудий Кенгашлардаги Аёллар масалалари бўйича раис ўринбосарлари ҳамда аёллар муаммоларини ўрганиш ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими мудирлари ҳамда “Аёллар қаноти” фаоллари ZOOM платформаси орқали иштирок этишди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан “Аёллар қаноти” томонидан 2024 йил давомида 3 500 та тадбир ташкил этилиб, уларда 260 мингдан ортиқ хотин-қиз қамраб олинди. Ўтган йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов натижасига кўра, парламент қуйи палатасига O’zLiDePдан сайланган 64 нафар депутатдан 24 нафарини, яъни 38 фоизини аёллар ташкил этади. Маҳаллий Кенгашларга сайланган 1875 нафар депутатдан 473 нафари хотин-қизлардан иборат. Шулардан, 68 нафари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига, 405 нафари туман (шаҳар) Кенгашларига сайланди.
Ўтган йилда “Аёллар қаноти” томонидан 20 га яқин лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, “Бунёдкор аёллар”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Фаровон оила”, “Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори”, “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи!” лойиҳалари ҳамда “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови, “O‘zLiDeP аёллари – Янги Ўзбекистон бунёдкори!” лойиҳалари ана шулар жумласидандир.
Тадбирда Аёллар қанотининг жорий йилдаги фаолиятининг устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди. Хусусан, сайловолди дастуримиздаги 5 мақсад ва 500 вазифанинг ижтимоий йўналишида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқариш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган аёл депутатлар билан мустаҳкам ҳамкролик қилиш кераклиги таъкидланди.
Давра суҳбати давомида яқинда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдириб ўтилди.
Партиянинг “Аёллар қаноти” вакилларини давлат дастури лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф-тавсиялари билан фаол иштирок этишга чақирилди.