Барқарор иқтисодий ўсиш — изчил ислоҳотлар самараси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётида глобал хатарлар, ташқи бозорлардаги ўзгаришлар ва ноаниқликлар кучайиб бораётган бир шароитда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда. Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, ҳудудлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган чоралар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, шу йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсиб, бундай ўсиш суръатлари бозор хизматларида 16,9, саноат ишлаб чиқаришида 8,0, қурилиш ишларида 13,8 ва қишлоқ хўжалигида 4,7 фоизни ташкил этди. Бу натижалар иқтисодиётнинг асосий тармоқларида фаоллик ва барқарор ўсиш таъминланаётганини кўрсатади.
Эътиборлиси, ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадлари 16,6 фоизга ошиб, 618,3 трлн сўмни, пул ўтказмалари 9,3 млрд долларни, иқтисодиётга кредит қўйилмалари эса 702,9 трлн сўмни ташкил қилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 33,4 фоизга ошиб, 12,4 млрд долларга етди.
Ўтган даврда иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ижобий ўсиш кузатилди. Жумладан, январь-июнь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 637,2 трлн сўмни ташкил этди. Хизматлар соҳасида 251,8 трлн сўмлик чакана савдо айланмаси қайд этилган бўлса, қишлоқ хўжалигида 271 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қурилиш ишлари ҳажми 192 трлн сўмни ташкил қилди.
Мунозаралар давомида фракция аъзолари бу натижалар Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш, энг аввало, аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтириш, барқарор даромад манбаларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самараси эканлигини алоҳида қайд этдилар.
Фракция аъзолари мамлакатда амалга оширилаётган макроиқтисодий ислоҳотларни, бюджет даромадларининг барқарор ўсишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган чора-тадбирларни ижобий баҳоладилар.
Шунингдек, бюджет маблағларини ажратишда натижадорлик ва мақсадли индикаторларга эришиш устидан мониторингни кучайтириш, инвестиция дастурларига киритилган объектларни фойдаланишга топшириш муддатларига қатъий риоя этиш, солиқ ва божхона имтиёзларининг самарадорлигини ҳар бир соҳа ва корхона кесимида чуқур таҳлил қилиш бўйича таклифлар берилди.
Савол-жавоблардан сўнг, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қўллаб-қувватланди.