O'zLiDeP фракциясининг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди
2025 йил Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятида муҳим натижалар ва кўрсаткичларга бой бўлди. Фракция қонун ижодкорлиги, парламент назорати, сайловчилар билан ишлаш йўналишларида самарали фаолият олиб борди.
Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-ланчда маълум қилинди. Унда фракциянинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан журналистларга ахборот берилди.
Таъкидланганидек, ўтган йилда фракция сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси биргаликда “Тараққиёт блоки”ни тузди. Парламентдаги кўпчиликни ташкил этган мазкур ушбу Блок фракциялар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
“Тараққиёт блоки”нинг ташкил этилиши қонун ижодкорлиги жараёнларида ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи қонун лойиҳаларини тизимли илгари суриш, тадбиркорлик, хусусий мулк, инвестиция, рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни бирлаштириш имконини берди.
Блок доирасида фракциялар ўртасида доимий маслаҳатлашув механизми йўлга қўйилиб, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни такомиллаштириш ҳамда парламент назорати тадбирларини амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик таъминланмоқда. Бу эса партияларнинг дастурий мақсад ва вазифаларини самарали амалга ошириш, парламентда барқарорлик ва изчилликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳисобот йилида фракция аъзоларининг ташаббуси билан қонун ижодкорлиги йўналишида 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди. Шунингдек, фракция аъзолари бошқа фракциялар билан ҳамкорликда 14 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳамташаббускор бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаларида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимида институционал яхлитликни таъминлаш, ноширлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, меҳнат муносабатларини замонавий талаблар асосида тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган муҳим нормалар назарда тутилган.
Фракция томонидан Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган муҳим қонун лойиҳаларини ҳудудларда муҳокама қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш амалиёти ҳам кенг қўлланилди. Жумладан, ҳудудий партия ташкилотлари билан ҳамкорликда 22 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамалари ташкил этилди. Муҳокамалар давомида фуқаролар, партия электорати ва соҳа мутахассислари томонидан билдирилган таклифлар белгиланган тартибда масъул қўмиталарга киритилди.
Тадбирда қайд этилганидек, кўриб чиқилган йилда O'zLiDeP фракцияси томонидан иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ижроси, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари юзасидан парламент назоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида фракция аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари натижасида жами 10 та парламент назорати тадбири амалга оширилди. Фракция ташаббуси билан 2 та парламент эшитуви ўтказилди. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Шунингдек, фракция таклифига асосан 2 маротаба “Ҳукумат соати” ташкил этилди. Уларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ижроси масалалари муҳокама қилинди.
2025 йилда фракция томонидан мансабдор шахсларга 6 та парламент сўрови, шунингдек, сайловчилар мурожаатлари асосида 36 та депутат сўрови юборилди.
Шунингдек, депутатларнинг сайловчилар билан юзма-юз мулоқоти изчил давом эттирилди. Ҳисобот даврида жами 2 786 та учрашув ўтказилиб, уларда 65 419 нафар аҳоли, шу жумладан 14 903 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари қамраб олинди.
Шу билан бирга, 7 152 та аҳоли хонадони, 3 405 та тадбиркорлик субъекти ҳамда 2 625 та ижтимоий соҳа объектига ташрифлар амалга оширилди. Ушбу ўрганишлар давомида аниқланган масалалар фракция мажлисларида муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар киритилди.
Бундан ташқари, ЎзЛиДеП ва унинг олий Олий Мажлисдаги фракцияси ҳамкорлигида партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни ижро этиш мақсадида қатор қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи”, “Ишбилармон аёл”, “Ёшлар билан”, “Намунали томорқачи”, “ЎзЛиДеП Пресс клуби” каби лойиҳалар доирасида 30 минг нафардан зиёд аҳоли қамраб олинди.
Пресс-ланчда фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларда ўтказилган сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари жараёнлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилгани, хусусан, ўтган давр мобайнида фракция фаолияти ҳақида ОАВда жами 36 047 маротаба чиқиш қилингани айтиб ўтилди.
Тадбирда фракциянинг 2026 йилга мўлжалланган режалари, қонун ижодкорлигидаги устувор йўналишлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, парламент назоратини кучайтириш борасидаги устувор вазифалар ҳақида ҳам атрофлича ахборот берилди.