Бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилишнинг олди олинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида аввалида шу йил 20 декабрь куни мамлакатимиздаги фаол тадбиркорлар билан видеоселектор шаклида ўтган мулоқотда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, партия олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, охирги саккиз йилда соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган кўплаб қонун, фармон ва қарорлар натижасида 100 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Тадбиркорларга эркин ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча қулайликлар, имкониятлар яратиб берилди.
Фракция аъзолари ЎзЛиДеП сайловолди дастурида тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ўрин олгани, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар партия ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини қайд этдилар. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, партия ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда тадбиркорлик субъектлари айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига шахснинг содир этган айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир маротаба жавобгарликка тортилишини таъминлаш ва солиқ маъмуриятчилигининг янада такомиллаштирилишига қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб, солиқ қонунчилигига киритилаётган бу каби ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни либераллаштириш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектлари олдидаги мажбуриятларни камайтиришга хизмат қилади.
Фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 111-моддасига активларни репатриация қилиш талабларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзолари томонидан берилган барча таклифлар чуқур таҳлил қилингани ва ҳужжат матнида ўз ифодасини топганлигини таъкидладилар.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ташқи савдо операцияларини амалга оширишда қулайликлар яратишга ва активларнинг қонунда белгиланган муддатларда репатриация қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилишда фракцияга кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан маъқулланди.