Бизнес юритишни янада соддалаштириш йўлида
Сайловолди ташвиқот сиёсий партиялар учун ҳақиқий синов ва рақобат майдони ҳисобланади. Чунки ушбу даврда сиёсий партиялар томонидан ўз сайловолди дастуридаги ғояларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга тушунтириб бериш талаб этилади. Сайловда иштирок этаётган ҳар бир партия сайловчиларнинг кўпроқ овозини олиш учун курашганлиги сабабли уларнинг оғирини енгил қиладиган энг муҳим ташаббусларни илгари суришга ҳаракат қилишади. Чунки партияларнинг сайловда муносиб иштирок этиши ва кўпроқ овоз олиши бевосита сайловолди дастуридаги ғояларга боғлиқ ҳисобланади. Пропорционал сайлов тизимининг жорий этилиши партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиради. Чунки сайловчилар партияларнинг сайловолди дастуридаги ғоялардан келиб чиқиб ўзи маъқул кўрган партияга овоз беради.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз фаолиятидаги йўналишидан келиб чиққан ҳолда жорий йилги сайловолди дастурида ҳам қатор, жуда муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ҳар бир сиёсий партиянинг ўзига хос ғоялари мавжуд бўлиб, улар ўз фаолиятини ушбу ғоялар атрофида қуришади. Шу сабабли, партия сайловолди дастурини тайёрлашда асосий урғу партиянинг ғоясига қаратилади. Ғояларнинг мазмуни эса, партиянинг сиёсий майдондаги спектрдаги ўрнини кўрсатади.
Шуни таъкидлаш керакки, ЎзЛиДеПнинг сиёсий спектрдаги ўрни “ўнг марказ” ҳисоблангани ҳолда партия ўз фаолиятида доимий равишда бизнес юритишнинг осон ва қулай, бюрократик тўсиқлардан холи бўлиши, иқтисодий рақобат устуворлиги ғояларига асосланади. Айнан ушбу ғоялардан келиб чиқиб, партия мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида лицензиялар сонини 2 бараварга қисқартириш, 1000 га яқин бюрократик талабларни бекор қилиш ғоясини илгари сурмоқда.
Таъкидлаш жоизки, партия мамлакатда бизнесни бошлаш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича ташаббускор ҳисобланади. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида самараси ўлароқ Ўзбекистон бизнесни бошлаш учун энг осон мамлакатлар қаторида эътироқ этилмоқда. Партия томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббус ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун бир қатор енгилликлар яратади. Хусусан, мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши фаолиятни бошлашдаги бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга, фаолиятни бошлаш учун талаб этиладиган вақт ва бож тўловларини қисқартиришга, хуфёна иқтисодиётнинг камайишига ҳамда тадбиркорлар сонининг ортишига, шунингдек рақобат муҳитининг кучайишига имконият яратади. Буларнинг ҳаммаси алал-оқибатда мамлакат иқтисодиётини ва фуқаролар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, ЎзЛиДеП томонидан илгари сурилаётган бундай муҳим ташаббуслар унинг сайловда муносиб иштирок этишини таъминлайди ҳамда бошқа партиялар билан рақобатга тайёр эканлигидан далолат беради.