Бойсундаги сайёр қабулда 73 мурожаат ижобий ҳал этилди
O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан “Халқ билан бирга” лойиҳаси доирасида Бойсун туманида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Тадбирда сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ҳокимлиги ва коммунал соҳа мутасаддилари иштирок этиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Қабул давомида фуқароларнинг турли соҳаларга оид мурожаатлари тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилди.
Сайёр қабулда иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, шунингдек газ, сув ва электр таъминоти билан боғлиқ жами 135 та мурожаат кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича ўрганилиб, фуқароларга ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди. Қабул якунига кўра, мурожаатларнинг 73 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган масалалар эса мутасаддилар назоратига олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгиланди. Бу каби сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган амалий ишлар самарасини кўрсатмоқда.