Asosiy kontentga o‘tish
Душанба 26-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Болалар фаровон келажаги йўлида халқаро ҳамкорлик

26.10.2026
96

Самарқандда «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари» халқаро саммити бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати унда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, таълим олиши, муносиб шароитларда улғайиши ва келажакда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинган.

Саммит доирасида Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс ҳам ташкил этилиб, 300 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, халқаро ташкилотлар, етакчи тиббиёт марказлари ва илмий муассасалар вакиллари қатнашгани унинг нуфузи анча юқори эканидан далолат беради.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган инсон қадри учун ислоҳотлар аҳолининг барча қатламини, жумладан болаларга гамхўрлик қилишни ҳам қараб олган. Айниқса болаларда саратон касаллигини эрта аниқлаш, замонавий даволаш усулларини жорий этиш, реабилитация ва бемор оилаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бу борада партиямиз дастурида ҳам муҳим вазифалар белгиланган.

Мазкур тадбирда мутахассислар бу борада Ўзбекистон тажрибасини алоҳида эътироф этишгани, тадбирлар доирасида оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Глобал тармоқ ташкил этилгани диққатга сазовор.

Шунингдек, болалар онкологияси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий изланишларни ривожлантириш ва сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. «Меҳрли мактаб» ўқувчиларининг чиқишлари эса даволаниш жараёнида болаларга нафақат тиббий ёрдам, балки таълим ва руҳий кўмак ҳам зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Саммит якунида Самарқанд декларацияси қабул қилиниб, унда болаларни қўллаб-қувватлашда алоҳида тадбирлар билан чеклаб қолмай, ҳомиладорлик давридан бошлаб боланинг улғайиши ва меҳнат фаолиятига киришгунига қадар бўлган жараённи қамраб оладиган узлуксиз тизимни шакллантириш муҳимлиги қайд этилган.

Самарқандда ўтказилган халқаро тадбирлар болалар саломатлиги ва фаровонлиги бутун жамиятнинг умумий масъулияти эканини яна бир бор намоён этди. Халқаро тажриба ва ҳамкорликни бирлаштириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, ҳар бир боланинг таълим олиши ва соғлом ҳаёт кечириши учун имконият яратиш барқарор ва адолатли келажак сари муҳим қадамдир.

Сайтни янги дизайни ёқдими?