Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Бош Қомусимиз – тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир

02.12.2025
720

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан Бош қомусимизнинг 33 йиллиги муносабати билан “Конституция – фаровон келажак йўлидаги ишончли ҳимоя” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда фракция аъзолари, қонунчилик соҳасидаги экспертлар, партиянинг жойлардаги вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Тадбир аввалида таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг марказида, энг аввало, инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари туради. Янги таҳрирдаги Конституция жамиятнинг барча соҳаларида модернизация жараёнларига ҳуқуқий асос яратиб, айниқса тадбиркорлик, фермерлик ва хусусий сектор ривожи учун муҳим кафолатлар белгилаб берди. Давра суҳбатида бу нормаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил этилди.

Фракция аъзолари ўз маърузаларида Конституциянинг 67-моддаси — “иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади” деган янги норма тадбиркорлар манфаатидаги энг муҳим ҳуқуқий кафолатлардан бири эканини алоҳида қайд этишди. Бу норма республика бўйлаб ягона, очиқ ва тўсиқларсиз иқтисодий маконни шакллантириши, маҳаллий ҳокимликлар ёки алоҳида идоралар томонидан асоссиз чекловлар қўйилишига қатъий барҳам беришини таъкидлашди.

Тадбирда сўз олган депутатлар фикрига кўра, ушбу норма амалий ҳаётда тадбиркор ва фермерлар учун маҳсулот, хомашё ва хизматларни бутун республика бўйлаб эркин ҳаракатлантириш имконини яратади. Молиявий маблағларнинг ҳудудлар бўйлаб эркин айланиши эса инвестиция муҳитини яхшилаб, янги лойиҳаларни амалга оширишга кучли туртки бериши таъкидланди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари янги таҳрирдаги Конституцияда хусусий мулк дахлсизлигига оид нормаларнинг янада мустаҳкамлангани, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори орқали амалга оширилиши бизнес учун муҳим ҳуқуқий кафолат эканини таъкидлаб ўтишди. Давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўйилмаслиги, ҳар бир мулкдор ўз ҳуқуқларининг мустаҳкам ҳимоя қилинганига ишончи ортиши — бозор иқтисодиётини чуқурроқ ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбир давомида депутатлар “Инсон — жамият — давлат” ва “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилларининг Бош Қомусимизда мустаҳкамлангани хусусий сектор вакиллари учун янада очиқ, барқарор ва шаффоф иқтисодий муҳитни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтишди. Инсон қадрини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мамлакат тараққиётининг устувор йўналиши эканини қайд этдилар. Конституциядаги нормалар ва уларнинг амалиётга татбиқ этилиши ЎзЛиДеП электорати — тадбиркорлар, фермерлар, ишбилармонлар манфаатларига тўла мос келади. Ҳуқуқий кафолатлар кучайиши, бизнес муҳитининг яхшиланиши, янги имкониятлар очилиши хусусий секторни иқтисодиётимизнинг етакчи кучига айланиб бораётгани таъкидлашди.

Давра суҳбати якунида янгиланган Бош қомусимизда белгиланган нормаларнинг тўлиқ ва самарали ижро этилиши, уларнинг жойлардаги тадбиркорлик муҳитига таъсирини мунтазам ўрганиб бориш, фракциянинг қонун ташаббуслари орқали хусусий сектор манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?