БПТ раисларининг сиёсий билими ва амалий кўникмалари оширилди
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бошланғич партия ташкилотлари (БПТ) раислари учун ташкил этилган ўқув-семинарлар якунланди. Уларнинг асосий мақсади партия фаолиятини жойларда янада самарали ташкил этиш, раисларнинг сиёсий билими ва ташкилотчилик салоҳиятини оширишдан иборат бўлди.
Ўқув жараёнида дастлаб 215 нафар намунали БПТ раиси махсус тайёргарликдан ўтиб, тренер сифатида шакллантирилди. Кейин улар ҳудудлардаги ҳамкасбларига ўз билим ва тажрибаларини етказиб, ягона ўқитиш тизимини йўлга қўйишга ҳисса қўшдилар.
Машғулотларда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, партиянинг «Халқ билан бирга» дастури, сайловолди дастуридаги устувор вазифалар, O‘zLiDeP Устави ҳамда аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш масалалари ўрганилди. Бу эса БПТ раисларининг партиявий лойиҳаларни амалга ошириш ва жойлардаги фаолиятни тизимли ташкил этиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлади.
Энг муҳими, ўқувлар аниқ натижа берди. 215 нафар тренер томонидан жами 216 та ўқув машғулоти ўтказилиб, мамлакат бўйича 13 274 нафар БПТ раиси ўз малакасини оширди. Бу партиянинг қуйи бўғинларида билимли, ташаббускор ва самарали фаолият юритадиган кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.