Бухоролик депутатлар инвестицияларни янада кўпайтириш бўйича ташаббус билдирди
Бухоро давлат университетида OʻzLiDeP вилоят Кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда партия аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар иштирок этдилар. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини яхшилаш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида билдирилган ташаббуслар, жумладан, ортиқча бюрократик талабларни қисқартириш, лицензиялаш тартибини соддалаштириш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва солиқ ставкаларини пасайтириш каби чоралар тадбиркорлар фаолиятини янада рағбатлантираётгани таъкидланди. Бу имкониятлар туфайли кўплаб микрокорхоналар фаолиятини кенгайтириб, ўрта ва йирик бизнес субъекти сифатида шаклланмоқда.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда жорий йилнинг дастлабки 8 ойида 191 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, 107 фоиз ўсишга эришилди. Шу билан бирга, хорижий сармояларни жалб этиш бўйича 1 миллиард доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Қиймати 34,4 трлн сўмлик 522 та янги лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 15 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилгани ҳам иқтисодий салоҳиятнинг ортиб бораётганидан далолат беради.
Йиғилиш якунида экспортни диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, рақамли технологияларни жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш каби устувор вазифалар белгилаб олинди. Тадбирда билдирилган таклиф ва тавсиялар Бухоро вилоятида тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун қулай шароит яратишга хизмат қилиши таъкидланди.