Бухорода O‘zLiDeP вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
Бухорода Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Б.Якубов иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб, вилоят партия ташкилотининг 2026 йил давомида амалга оширган ишлари, эришилган натижалари ҳамда келгусидаги устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгашида 1 007 та бошланғич партия ташкилоти бўлиб улар ўз сафига 178 427 нафар аъзони бирлаштирган. Маҳаллий Кенгашларда эса партиядан сайланган 109 нафар депутат аҳоли манфаатларини ифода этиб келмоқда.
Ҳисобот даврида депутатлик фаолияти ҳам сезиларли натижалар билан бойиди. Хусусан, депутатлар томонидан ижро органлари мансабдор шахсларига 652 та депутатлик сўрови юборилди. Депутатлик гуруҳлари томонидан 143 та йиғилиш ўтказилиб, доимий комиссиялар ва маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига тегишли масалалар киритилди, 125 та эшитув ташкил этилиб, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида сайёр қабуллар ташкил этилди. Уларда 1 630 нафар фуқаро иштирок этиб, 620 га яқин муаммо ва мурожаат аниқланди. Шулардан 516 таси жойида ҳал этилди, қолганлари назоратга олинган.
Сайёр қабуллар давомида партия фаоллари ва тадбиркорлар кўмагида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қўллаб-қувватланди, ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилди, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам, озиқ-овқат, дори-дармон ва қурилиш материаллари етказилди. Шунингдек, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ўзини ўзи банд қилиши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун амалий кўмак кўрсатилди.
Умуман, ҳисобот даврида партиянинг аҳоли билан ишлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашиш ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди.
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси Обиджон Ҳамидов бошқа ишга ўтаётганлигини муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажаришни партия вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари лавозимида фаолият олиб бораётган Бобомурод Очилов зиммасига юклаш таклифи билдирилди. Ушбу таклиф Кенгаш аъзолари томонидан якдиллик билан маъқулланди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, партиявий фаолият самарадорлигини ошириш ва аҳоли билан ишлашда натижадорликни кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.