Бухоролик тадбиркорларга кибертаҳдидлардан ҳимояланиш кўникмалари ўргатилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Бухоро шаҳрида “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ўтказилди.
Партиянинг “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тадбиркорларга кибержиноятларнинг олдини олиш, электрон тўловлар хавфсизлиги ҳамда шахсий ва корпоратив маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Мулоқот давомида интернет фирибгарлигидан ҳимояланиш, кучли пароллардан фойдаланиш, шубҳали ҳавола ва электрон хатларни аниқлаш каби масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, аҳоли, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида Бухоро шаҳрида кибержиноятчилик ҳолатлари 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 463 тага камайган.
Рақамли технологиялар тадбиркорликнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бугунги шароитда киберхавфсизлик қоидаларига амал қилиш бизнес барқарорлиги ва мижозлар ишончи учун муҳим омилдир.
“Киберхавфсиз тадбиркорлик” каби амалий акциялар тадбиркорларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, замонавий кибертаҳдидлардан ҳимояланиш кўникмаларини шакллантириш ва хавфсиз рақамли бизнес муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.