Чирчиқда ёшларнинг креатив ғоялари ва стартап лойиҳалари намойиш этилди
Чирчиқ давлат педагогика университетида O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши томонидан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида “Креатив ғоялар ярмаркаси” ташкил этилди. Унда ёшлар ўз стартап лойиҳалари, ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликлари, муҳандислик ишланмалари, маҳсулот ва хизматларини тақдим этди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, креатив салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда уларни замонавий касблар ва тадбиркорликка кенг жалб этишдан иборат бўлди. Кўргазма ёшларга ўз ғояларини намойиш қилиш, янги ҳамкорлар топиш ва лойиҳаларини ривожлантириш имконини берди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулшана Худоёрова ва Юлдузой Мамадиёрова, O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдурахимов, “Maxam-Chirchiq” АЖ бошқарув раиси Ҳотам Сайдахмедов ҳамда университет ректори Ғофуржон Мухамедов иштирок этди.
Мулоқотлар давомида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бандлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Тўлқинжон Файзиев таъкидлаганидек, лойиҳа доирасида IT ва сунъий интеллект бўйича ўқув курслари, тадбиркорлик ва рекламага оид маҳорат дарслари, “Ёш фермерлар тажриба мактаби”, ҳунармандчилик кўргазмалари ҳамда амалий устахоналар ташкил этилиши режалаштирилган. Депутатлар иштирокидаги очиқ мулоқотлар ва махсус қабуллар эса ёшларнинг таклиф ва муаммоларини бевосита ўрганишга хизмат қилди.
Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги ёшларни қамраб олишга мўлжалланган “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси билим ва қобилиятни амалий натижага айлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш учун муҳим имкониятдир. Лойиҳа доирасида китоб муҳокамалари, спорт мусобақалари ва кўкаламзорлаштириш акцияларини ўтказиш орқали ёшларнинг маънавий дунёқараши, соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятини юксалтириш ҳам кўзда тутилган. Чирчиқдаги ғоялар ярмаркаси ёшларнинг изланишларини қўллаб-қувватлаш, уларни ўз келажаги учун масъулият олишга ундаш ва истиқболли ғояларни амалий лойиҳаларга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.