Давлат дастурида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти муҳокама қилинди
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” муносабати билан устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, соҳа мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби устувор вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ЎзЛиДеП томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва партия ташаббуси билан ишлаб чиқилган 105 та лойиҳа доирасида жойларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда маҳаллаларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Давра суҳбати иштирокчилари ушбу жараёнда давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги муҳим эканини таъкидлаб, ЎзЛиДеП мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирокини давом эттиришини қайд этди.