Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 19-21 май кунлари Венгрияга расмий ташрифининг аҳамияти кенг муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 14 мартда ўрнатилган. Шундан буён икки давлат очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Фракция аъзолари ушбу ташрифнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, ушбу ташриф барча соҳадаги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очишини, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги дўстона ва манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Сўнгги йилларда икки мамлакат парламентлари делегацияларининг ўзаро ташрифи ва учрашувлари фаоллашгани, ташриф доирасида Венгрия Миллий мажлиси спикери Ласло Кёвер билан бўлиб ўтган учрашув Ўзбекистон — Венгрия стратегик шериклик муносабатлари, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мазмунан бойитишга замин яратиши урғуланди.
Муҳокамаларда ташриф якунларидан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Кейинги йилларда мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур соҳада истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган талаблар кучайтирилди. Шу билан бирга, мувофиқликни баҳоловчи органлар томонидан соҳада қоидабузарликларнинг ортиб бораётганлиги мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун таъсир чоралари кучайтириш заруратини кўрсатмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Фуқаролик кодекси ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқликни баҳолаш органлари масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини тегишли талабларга номувофиқ бўлган маҳсулотларни ўз ихтиёри билан савдодан чақириб олишни рағбатлантиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар беришди. Мунозаралар ва узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
У билан Ўзбекистон Республикасининг 13 та қонуни ҳамда Ер кодекси ва Солиқ кодексига давлат активларини хусусийлаштириш ва ижарага беришни соддалаштириш, соҳада тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур ҳужжат давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини такомиллаштириш, соҳадаги ваколатли органларининг ваколатларини белгилаш ва давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.