Давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзиллилиги таъминланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 11-13 март кунлари Франция Республикасига давлат ташрифининг аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Франция учун фақат савдо-иқтисодий соҳада яқин ҳамкор эмас, балки бошқа йўналишларда ҳам муҳим шерик ҳисобланади. Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар жадал ривожланмоқда. Агар 2020 йилда товар айланмаси 220 милллион АҚШ доллари бўлган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 1,1 миллиард АҚШ доллардан ошди.
Депутатлар ушбу ташрифнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янги босқичга чиқиш, икки томонлама муносабатларни барқарор чуқурлаштиришга хизмат қилишини, ҳар икки томоннинг иқтисодий ва маданий тараққиётига янги суръат бағишлашини қайд этдилар. Унинг якунларидан келиб чиқиб ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Бугунги кунда аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишда шахсларнинг (оила) иқтисодий ҳолатини аниқлашда айрим муаммолар мавжуд. Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг манзиллилигини ошириш ва “ижтимоий карта” тизимини йўлга қўйишдан иборат.
У билан бир қатор қонунларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан фуқаролар (оилалар)нинг маълумотларини олиш ва қайта ишлаш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларини саволларга тутишди. Партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, лойиҳани янада такомиллаштириш ва пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар берди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш органи томонидан эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш орқали давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзиллилигини таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилишда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Фракция аъзолари ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритиб, у билан Жиноят-процессуал кодексга вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш муддатларини аниқ белгиловчи ўзгартиришлар киритилаётганини қайд этди.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг ҳар иккала қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.