“Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида ёшларнинг инновацион қурилмалари намойиш қилинди
Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университетида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ёшлар форуми бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулшана Худоярова ва Азиза Аминова, университет раҳбарияти, партия вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирнинг амалий қисмида “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида иштирокчилар ўз ишланмаларини намойиш этишди. Хусусан, робототехника хоналарида ёшлар томонидан ишлаб чиқилган инновацион қурилмалар ва технологиялар намойиш қилинди. Стартап лойиҳалари тақдимотида иштирок этган ёшлар ўз ишланмалари бўйича мутахассислардан керакли тавсияларни олишди.
Тадбир доирасида, шунингдек, “Бир кунда — 1000 китоб” хайрия акцияси ташкил этилди. Журналистика факультети талабалари учун ташкил этилган мастер-классда эса медиасаводхонлик, ахборот тарқатиш маданияти ва замонавий журналистика бўйича ҳуқуқий билим ва кўникмалар берилди.