Дебатлар ЎзЛиДеП ғоя ва мақсадларини кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилмоқда
Сиёсий партиялар ўртасидаги теледебатларнинг навбатдаги 4-раунди бўлиб ўтди. Бу галги теледебат қизғин баҳс-мунозаралар, чин маънода ғоя ва мақсадлар беллашувига айланди десак муболаға бўлмайди. Айтиш керакки, ушбу формат ЎзЛиДеП учун айни муддао бўлмоқда. Негаки, бу жараёнда партиямиз сайловолди дастурида одамлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётган халқчил ва ҳаётий вазифалар қамраб олинганини намоён этмоқда.
Биргина мисол. Теледебатда бошқа партия вакиллари ва аҳоли томонидан ЎзЛиДеП вакилига таълим соҳасига доир долзарб саволлар йўлланди. Хусусан, хусусий мактаблар сонини ошириш, давлат мактабларида таълим сифатини тушишига олиб келмайдими? Чунки, яхши педагоглар катта ойлик берадиган хусусий мактабларга ишга ўтиши кузатилмоқда. Бу таълим соҳасида ижтимоий тенгсизлигини келтириб чиқармайдими, деган саволга қуйидагича жавоб қайтарилди.
“Партиямиз таълим соҳасида рақобатни ошириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш орқали таълим сифатини янада яхшилашни мақсад қилган. Хусусий мактаблар сони оширилиши таълимга бўлган талабни қондиришга ёрдам беради, қолаверса давлат мактабларидаги юкни камайтиради. Партиянинг мақсади давлат ва хусусий секторда таълим сифатини мувозанатли ривожлантиришдир, бу эса аксинча ижтимоий тенгсизликнинг олдини олишга ёрдам беради.