Депутат маҳаллада камбағалликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова Асака туманида сайловчилар учрашувлар доирасида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини ўрганди.
Дастлаб депутат маҳалла ҳудудида жойлашган “Маданият ва истироҳат боғи”да бўлиб, бу ерда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган қурилиш ва янгиланиш ишлари билан яқиндан танишди. Лойиҳа доирасида аҳоли учун яратилаётган маданий-маърифий имкониятлар, замонавий дам олиш инфратузилмаси ва болалар ҳамда катталар учун қулай шарт-шароитлар батафсил тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, фуқароларнинг маданий ҳордиқ чиқариш имкониятларини кенгайтириш, оилалар учун муносиб истироҳат масканларини барпо этишни мақсад қилиб олган.
Ташриф давомида Одинахон Отахонова маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунчиликдаги янги меъёрлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Якуний хулоса сифатида депутат масъул ташкилотлар ва лойиҳа ижрочиларига қурилиш ва таъмирлаш ишларини белгиланган талаблар асосида, сифатли ҳамда ўз вақтида амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.