Депутатлар муҳокамасида: сайёҳлар оқими ошмоқда, аммо муаммолар ҳам бор
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашида партия депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва соҳадаги мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят туризм бошқармаси мутасаддилари берган ахборотда таъкидланишича, жорий йил давомида вилоятда 82 та меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 675 тага етди. “Ramada Encore by Wyndham” каби йирик объектларнинг ишга туширилиши эса туристлар учун қўшимча ўринлар яратишга хизмат қилмоқда.
Ҳисобот даврида Бухорога 2,25 миллиондан ортиқ хорижий турист ташриф буюриб, кўрсатилган хизматлар экспорти 614 миллион долларга етди. Халқаро биеннале, “Ипак ва зираворлар” фестивали, ички туризм ярмаркалари ва қатор маданий тадбирлар сайёҳларни жалб этишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ички туризм йўналишида ҳам ижобий динамика кузатилиб, республика ҳудудларидан 4,1 миллион нафарга яқин юртдошларимиз Бухорога ташриф буюрди.
Йиғилишда ёш гид-экскурсоводлар тайёргарлигини кучайтириш, хорижий амалиётни йўлга қўйиш, туристик қишлоқлар сонини ошириш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича режалар белгиланди. Бухоро – Грозний ва Бухоро – Лаҳор шаҳарлари билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари эса халқаро туризм алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида вилоятда туризмни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.