Asosiy kontentga o‘tish
Жума 03-апрел 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва миллий тараққиётнинг устувор мезони

29.12.2025
510

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, қамрови ва стратегик аҳамияти билан мамлакатимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади. У нафақат ўтган йил якунлари ёки келгуси режалар баёни, балки халқ билан очиқ ва самимий мулоқот, ишончга таянган аниқ йўл харитаси, Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишга қаратилган умуммиллий даъватдир.
Мурожаатномада сўнгги тўққиз йилда босиб ўтилган тараққиёт йўли аниқ рақамлар ва амалий натижалар асосида ёритиб берилди. Иқтисодиёт, ижтимоий ҳимоя, инфратузилма, таълим, тиббиёт, рақамлаштириш ва ташқи сиёсат соҳаларида “гапдан амалга” тамойили устувор экани яққол намоён бўлди. Энг муҳими, олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида сезилмоқда.
Мурожаатноманинг бош ғояси ва мафкуравий асоси инсон қадридир. Камбағалликни қисқартириш, доимий иш ўринлари яратиш, таълим ва инклюзив таълимни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар давлат сиёсати марказида инсон турганини яна бир бор тасдиқлайди.
Айниқса, 2026-йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши халқимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро масъулият ва бирдамлик қадриятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, маҳалла тинчлик, меҳр-оқибат ва адолат манбаи. Маҳалла ривожланса, жамият барқарор бўлади, мамлакат юксалади.
Мурожаатномада белгилаб берилган олти устувор йўналиш - маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозорини шакллантириш, экологик мувозанатни таъминлаш ҳамда замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини барпо этиш - Янги Ўзбекистоннинг стратегик манзилини аниқ белгилаб берди. Бу йўналишлар орзу ёки шиор эмас, балки пухта ҳисоб-китоб, реал имконият ва қатъий сиёсий иродага таянган амалий стратегиядир.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Мурожаатнома жамият ҳаётида давлат ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамловчи, фуқароларни умуммиллий мақсадлар атрофида бирлаштирувчи муҳим сиёсий-стратегик ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда. У фақат давлат бошқаруви органлари учун дастур эмас, балки кенг жамоатчилик учун йўл-йўриқ, масъулият ва фаол иштирокка чорловчи қўлланмадир.
Мурожаатнома жамиятда очиқлик, масъулият ва иштирок маданиятини кучайтириб, “давлат жамият инсон” ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқмоқда. Инсон қадрини олий қадрият сифатида эътироф этиш, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва коррупсияга қарши муросасиз курашишга қаратилган аниқ вазифалар эса фуқароларнинг давлат сиёсатига ишончини янада оширмоқда.
Шу маънода, Мурожаатнома жамиятни бирлаштирувчи, сафарбар этувчи ва илҳомлантирувчи кучга эга дастурий ҳужжатдир. У ҳар бир фуқарони Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, ўз масъулиятини чуқур англаб, умумий тараққиётга муносиб ҳисса қўшишга ундайди.
Зеро, белгиланган юксак марраларга эришиш фақат давлат саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки жамиятнинг бирдамлиги, фаоллиги ва ишончи билан амалга ошади. Ана шу бирдамлик эса Янги Ўзбекистоннинг энг мустаҳкам таянчи ва келажакдаги муваффақиятларининг кафолатидир.

Бир бўлсак барчасига қодирмиз.

Ж.Жумаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?