Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Депутатлар Ургутдаги ислоҳотлар жараёни билан танишди

29.11.2025
595

Ургут туманида халқ вакиллари, ёшлар ҳамда бизнес вакиллари иштирокида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилиб, туманнинг ривожланиш истиқболлари, ёшлар учун имкониятлар ва саноат салоҳияти атрофлича муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O'zLiDeP фракцияси аъзолари Зебинисо Рахманова, Муҳсинжон Холмухаммедов, Диёр Хусанов ҳамда туман Кенгаши депутати Гўзал Ҳамроқулова Самарқанд давлат университетининг Ургут филиалида ёшлар билан очиқ мулоқот уюштирди. Учрашувда ёшлар сиёсати, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, коррупцияга қарши курашиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Депутатлар таълим сифатини ошириш, замонавий лабораториялар, грант ва стипендиялар имкониятлари, шаффоф баҳолаш тизими жорий этилаётгани ҳақида маълумот берди. Талабалар эса ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва муаммоларини айтиб, уларга биринчи қолда ечим топиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Депутатлар Ургутда барпо этилган янги вокзал фаолияти билан ҳам танишдилар. Самарқанд–Ургут йўналиши бўйлаб йўлга қўйилган поезд қатнови аҳоли учун тез, қулай транспорт хизмати яратиб, туманда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни юк поездлари орқали етказиб бериш имкониятларини анча кенгайтириши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида икки та замонавий вокзал, иккита юк станцияси, бир қатор инфратузилма иншоотлари барпо этилгани, келгусида темир йўлни электрлаштириш режалаштирилгани таъкидланди.

Парламент вакиллари Ургут туманидаги “Ferre Group” маиший техника ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар. Эркин иқтисодий зонада жойлашган ушбу мажмуа минтақа саноатида муҳим ўрин эгаллаб, музлаткич, газ плита, чангюткич, темир эшиклар ва бошқа турдаги маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда.
Корхонанинг йиллик қуввати 250 минг донани ташкил этиб, маҳсулотлар “Dorsa”, “Kleo”, “Ferre” брендлари остида Марказий Осиё ва Озарбайжонга экспорт қилинмоқда. 30 миллион долларлик лойиҳа доирасида мингга яқин иш ўрни яратилган. Депутатлар экспортбоп маҳсулотлар турини кенгайтириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш ҳақида таклифларни билдирди.

Тадбирлар якунланиб, Ургутда амалга оширилаётган ислоҳотлар — ёшларни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва саноат салоҳиятини ошириш — бир-бири билан узвий боғлиқ экани қайд этилди. Бундай учрашув ва ташрифлар халқ манфаатлари йўлида самарали мулоқот, тезкор ечим ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлайди.

Аслида, Ургутдаги бу жараёнлар ҳудуднинг янги босқичга кўтарилаётганини, имкониятлар кенгаяётганини ва ёшлар, тадбиркорлар ҳамда аҳоли учун янада қулай муҳит яратилаётганини кўрсатади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?