Депутатлик гуруҳи таълим тизимидаги камчиликлар юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимига сўров юборди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умумиллий дастури ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда муҳим платформага айланиб бормоқда. Қувонралиси, бу жараёнда маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳам фаол иширок этмоқда. Куни кеча аҳоли мурожаатлари асосида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимига мактабгача ва умумтаълим муассасалари ҳолати юзасидан расмий депутатлик сўрови киритилди. Унда таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ва ислоҳотлар ижроси ҳолати бўйича маълумот сўралган.
Қайд этилганидек, Самарқанд шаҳрида 84 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларнинг қуввати 75 минг нафар ўқувчига мўлжалланган. Бироқ амалда 109 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Бу эса таълим муассасалари 1,5 баробар ортиқ юклама билан ишлаётганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, мактабгача таълим тизимида 3–7 ёшли болалар қамрови 79,5 фоизни ташкил этмоқда. Аммо янги турар-жой массивларида таълим муассасалари сони аҳоли ўсишига мутаносиб эмаслиги, бу эса қўшимча инфратузилмага эҳтиёжни кучайтираётгани қайд этилди.
Депутатлар томонидан таълим сифатини ошириш, синфлардаги ортиқча зичликни камайтириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш, шунингдек таъмирталаб муассасаларни капитал таъмирлаш бўйича аниқ саволлар ҳамда таклифлар илгари сурилган. Ҳар бир йўналиш бўйича амалий чоралар кўриш зарурлиги таъкидлаб ўтилган.
Сўровда Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан янги қурилиш режалари, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ишлар ва таълим инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш сўралган.