Партия электорати ҳамда аҳоли билан мулоқотлар қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Фарғона вилоятига ташрифи мобайнида Қува ҳамда Учкўприк туманларида бўлиб, омилкор деҳқон ва боғбонлари билан мулоқотда бўлди.
Хусусан, Қува туманидаги миришкор боғбонлардан бири Ўткирбек ака хонадонида бўлган партия лидери унинг мўъжазгина гулбоғини кўздан кечирди. У ерда бўлиб ўтган мулоқот мобайнида боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш борасидаги ўз тавсияларини ҳам берди. Бу борада Хитой тажрибасини қўллаш ва татбиқ этиш самарали натижаларга олиб келишини таъкидлади.
Бугун ўзининг боғдорчиликка доир билимларини ёшларга ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлаб келаётган Ўткирбек аканинг бой тажрибасини маҳаллий боғбонлар орасида оммалаштиришни таклиф қилди.
Партия етакчиси Қўқон эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлиб, бу ерда партия фаоллари депутатлар, жамоатчилик вакиллари, нуроний ва фахрийлар, тадбиркорлар, турли соҳа вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, фермерлар, томорқа ер эгалари билан учрашди.
Ўзаро самимий мулоқот руҳида кечган суҳбатда партия етакчиси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилди.
Жумладан, юртимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий секторнинг улушини янада юксалтириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Партия ташкилотлари ва фаолларига аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, тадбиркорлик ва бизнесни янада ривожлантиришда тарғиботларнинг самарали услуб ва механизмларини ишга солиш кераклигини таъкидларкан, бу борадаги ўз кўрсатмаларини берди.
Илғор тадбиркорлар фаолиятини оммалаштириш ва эътироф этиш лозимлигини уқтирди.