“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови кашфиётлари
O’zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг маҳаллалар саралаш босқичи юксак уюшқоқлик билан ташкил этиляпти. Танловнинг Яккабоғ туманидаги маҳалла босқичида йигирмадан ортиқ маҳаллаларида фаолият олиб бораётган тадбиркор, фермер, касаначи, ҳунарманд аёллар иштирок этдилар. Дастлаб иштирокчилар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмасини намойиш этдилар. Кўргазма жараёнига тумандаги коллеж ва мактабларда таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ҳам ташриф буюришиб, тадбиркор аёллар фаолияти ва тажрибаси ҳақида маълумот олдилар. Депутатлар ва партия фаоллари томонидан анжуман қатнашчиларига аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётан ислоҳотлар бераётган самаралар ҳақида батафсил маълумот берилди.
-Ишбилармон аёл деганда бизнинг кўз ўнгимизда дастлаб воҳамизнинг таниқли тадбиркор аёли, O’zLiDeP Яккабоғ туман кенгаши раиси, депутат Наргиза Саломова намоён бўлади, -дейди ҳакамлар хайъати раиси, 75-мактаб директори, туман кенгаши депутати Феруза Сатторова. – Чунки у бундан беш йил муқаддам мазкур танловнинг туман ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида иккинчи ўринга сазовор бўлганди. Шундан сўнг унинг учун омадлар эшиги очилди десам муболаға қилмаган бўламан. Қатор танловларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Икки бор Президент соврини “Спарк” автомашинаси билан мукофотланди. Бугунги кунда унинг “Ситора имкон плюс” ўқув муассасаси воҳада ягона ҳисобланади. Бу ерда минглаб хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганишиб, ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишган. Биз бугунги тадбирда иштирок этган ёш қизларга уни “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови кашфиёти сифатида эътироф этдик.