Долзарб масала юзасидан ахборот берилиши қўллаб-қувватланди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар мазкур қарор нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, балки партия сайловолди дастуридаги устувор вазифалар рўёбига ҳам хизмат қилишини таъкидладилар.
Фракция йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниши баробарида, Марказий банк раисига парламент сўровини юбориш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
“Банкларни трансформациялаш жараёнини тезлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги мазкур сўровда давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш, уларнинг қимматли қоғозларини “IPO”га чиқариш, банк ишининг замонавий стандартларини, ахборот технологияларни ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш, соҳага тажрибали хорижий мутахассисларни жалб этиш каби масалалар бўйича рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумот бериш сўралган.
Депутатлар масаланинг долзарблигига эътибор қаратиб, банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни кенг жорий қилиш, молиявий хизматлар оммабоплигини ва сифатини ошириш, ахборот технологияларини банк тизимига кенг жорий этиш, ахборот хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам ҳисобот тақдим этилиши муҳимлигини қайд этдилар.
Тижорат банклари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга имтиёзли кредит ажратишда коррупция омилларини бартараф этиш, шу жумладан, молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омилини чеклаш, бу борада рақамлаштириш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам ахборот берилишини қўллаб-қувватладилар.