Дуал таълимни ривожлантириш — бу фақат таълим тизимини эмас, балки бутун иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади
Дуал таълим — бугунги кунда иқтисодиёт эҳтиёжларига мос, амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашнинг энг самарали механизмларидан бирига айланмоқда. Айниқса, таълим ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш орқали ёшларни бозор талабига жавоб берадиган мутахассис сифатида шакллантириш имкони кенгаймоқда. Шу жиҳатдан, O‘zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилаётган “Касбий таълим истиқболлари” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
2026 йил 18 март куни ўтказилган “Дуал таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтириш” мавзусидаги давра суҳбатида соҳадаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, иш берувчилар иштирокининг етарли эмаслиги, ўқув дастурларининг бозор талабига тўлиқ мос келмаслиги, моддий-техника базанинг етишмаслиги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, дуал таълимни ривожлантириш — бу фақат таълим тизимини эмас, балки бутун иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. У орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва малакали ўрта бўғин кадрлар захирасини яратиш мумкин. Демак, мазкур йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мамлакат тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади.