Ёшлар ташаббусига кенг йўл: “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси
Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда ЎзЛиДеП Яккасарой туман Кенгаши ташаббуси билан “Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ташкил этилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия ходимлари, тадбиркорлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида иштирокчилар “Imdi Baybi” тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишиб, ёшлар ва имконияти чекланган ёшлар меҳнати самараларини кўрдилар. Шунингдек, “Дилбулоқ” маҳалласида “Креатив ғоялар ярмаркаси” ташкил қилиниб, стартап лойиҳалар, IT ихтиролар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Маҳалла кутубхонасида “Book & Coffee Talks” форматида интерактив мулоқотлар ўтказилиб, китобхонлик ва тажриба алмашинув муҳити яратилди. Шу билан бирга, иштирокчилар “Хоразм нон” МЧЖ фаолияти ҳамда 319-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган ҳунармандлар кўргазмаси билан танишдилар. Форумнинг якуний қисми “Wyndham Garden Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилиб, унда депутатлар томонидан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди, муваффақиятга эришган тадбиркорлар эса ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.